Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Сингапур фармацевтика, биотехнология, тиббиёт, илмий тадқиқотлар ҳамда таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Сингапурнинг илмий ва таълим муассасалари вакиллари — A*STAR вакили доктор И Чжэн ҳамда Наньян технологик университети (NTU) профессори Кэролайн Ли билан учрашди.
Томонлар қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва академик алоқаларни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди.
Музокараларда тажриба алмашиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, аниқ тиббиёт, геномика ва биоинформатика соҳаларида замонавий тадқиқот усулларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралардан сўнг делегация вакиллари BioPharma City кластери инфратузилмаси ва асосий лойиҳалари билан танишди. Уларга Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқариши, илмий тадқиқотлар ва клиник ишланмаларни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар ҳам тақдим этилди.
Бундан ташқари, меҳмонлар Фармацевтика техника университетига (PTU) ташриф буюриб, унинг таълим дастурлари ва илмий фаолият йўналишлари билан танишди.
Учрашув якунида томонлар қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, икки мамлакат университетлари ҳамда тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқди.