Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва минтақа давлатлари 2026–2027 йилларнинг вегетациялараро даври учун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидан сув олиш лимитларини тасдиқлади.
Тегишли қарор Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 95-йиғилишида қабул қилинди.
Ўзбекистон делегациясига сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев раҳбарлик қилди. Йиғилишда Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг сув хўжалиги идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.
Иштирокчилар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мамлакатлар ўртасида сув тақсимоти ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шавкат Ҳамраев 2026 йилги вегетация даврида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги вазият, сувдан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳамда сув билан таъминланганлик ҳолати ҳақида маълумот берди.
Вазир 2026–2027 йилларнинг вегетациялараро даври учун сув олиш лимитлари ва сув омборлари каскадларининг прогноз иш режимларини ўзаро келишилган ҳолда тасдиқлаш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, сув хўжалиги тизимларини бошқаришни мувофиқлаштириш, сув ресурслари ҳисобини юритиш ва мониторингини такомиллаштириш, гидропостларни модернизация қилиш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Гидрологик вазият ўзгарган ҳолларда тезкор ахборот алмашиш ва маслаҳатлашувлар ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар Керки гидропостидан узатилаётган маълумотларнинг ишончлилигини, шунингдек, Амударёнинг юқори, ўрта ва қуйи оқимидаги сув истеъмолчилари ўртасида сувни мутаносиб тақсимлаш масалаларини кўриб чиқди.
Йиғилишда «Амударё» ва «Сирдарё» ҳавза сув хўжалиги бирлашмаларининг 2026 йилги вегетация даврида сув олиш лимитларига риоя қилиниши ва сув омборларининг амалдаги иш режимлари қўлланилиши бўйича ҳисоботлари тингланди.
Бундан ташқари, Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режасини тайёрлаш жараёни маъқулланди.
Иштирокчилар Оролни қутқариш халқаро жамғармасига асос солган давлатлар раҳбарларининг саммитларида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини, шунингдек, жамғарманинг илмий-ахборот маркази ва ижро органлари фаолиятини кўриб чиқди.
Учрашув давомида 2026 йил декабрь ойида Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг Сув конференцияси ва 2027 йил март ойида Эр-Риёдда бўлиб ўтиши керак бўлган 11-Жаҳон сув форумига тайёргарлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида томонлар баённомани имзолади ва Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг навбатдаги, 96-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олди.