Ўзбекистон ва Малайзиянинг MDA тиббиёт асбоб-ускуналари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Малайзиянинг MDA тиббиёт асбоб-ускуналари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Малайзиянинг MDA тиббиёт асбоб-ускуналари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Малайзия Тиббий буюмлар бошқармаси (MDA) вакилларининг мамлакатимизга ташрифи "Tashkent Pharma Park" инновацион фармацевтика кластери фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланди.

Хорижий меҳмонларга кластер ҳудудида барпо этилаётган замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илмий-тадқиқот марказлари ва лаборатория мажмуалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида тиббий буюмлар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Марказ директори Алишер Темиров ҳамда MDA ижроия директори Др. Муралитҳаран Парамасуа бошчилигидаги мутахассислар иштирок этди.

Учрашув давомида ўтган йили имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Томонлар меморандум ижросини изчил давом эттириш ҳамда тиббий жиҳозлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Мулоқот чоғида жорий йил июнь ойида бошланадиган Малайзия экспертларининг махсус миссиясига алоҳида эътибор қаратилди. MDA мутахассислари Марказ фаолиятига техник кўмак бериш, халқаро бенчмаркинг жараёнларига тайёргарлик кўриш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши маълум қилинди.

Шунингдек, лаборатория фаолияти ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, тармоқлараро солиштирма синов-текширувларини ҳамкорликда ташкил этиш, Марказ мутахассислари учун MDA базасида махсус ўқув ва стажировка дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Medical Device Authority (MDA) Малайзияда тиббий буюмлар айланмасини назорат қилувчи ҳамда халқаро стандартларни жорий этувчи нуфузли давлат органи ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг