Ўзбекистон ва Жанубий Корея молиявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Жанубий Корея молиявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси Абдулазиз Хайдаров Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бюджет ва бухгалтерия ҳисоби тизимларини инновация қилиш бюроси раҳбари, бош директор ўринбосари Юн Жонг Шик билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар давлат молиясини самарали бошқариш тизимини такомиллаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, буджет жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали уларнинг самарадорлигини ошириш, инсон омилини камайтириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, молиявий операцияларнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини кучайтириш, давлат молияси устидан жамоатчилик ва институционал назоратни такомиллаштириш, маълумотларнинг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Корея фискал ахборот хизмати ўртасида давлат молиясини бошқариш ахборот тизимларини ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда институционал ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибаларни жорий этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Меморандум доирасида илғор тажриба алмашиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.
Ташриф давомида Корея Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий сунъий интеллект стратегияси бўйича кенгаш ҳамда Корея Миллий ахборот жамияти агентлиги вакиллари билан ҳам учрашувлар ташкил этилди.
Мазкур мулоқотлар доирасида делегация аъзоларига Корея Республикасида давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамли трансформация ва инновацион бошқарув ечимлари юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, давлат молиясини бошқаришда замонавий рақамли платформаларни жорий этиш, маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш борасида эришилган натижалар тақдим этилди.
Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга мослаштирган ҳолда жорий этишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.