Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иордания хусусий тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Иордания хусусий шифохоналари ассоциацияси вакиллари билан учрашуви якунлари бўйича томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Учрашув иштирокчилари хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб қилиш, тиббиёт туризмини кенгайтириш ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Иордания хусусий шифохоналари ассоциацияси (Private Hospitals Association) 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги 58 та хусусий тиббиёт муассасасини бирлаштиради.
Имзоланган меморандум икки давлат хусусий тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун имкониятлар яратишни назарда тутади.