Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида янги туризм имкониятлари очилмоқда

UzDaily таҳририяти · 03.07.2026 · 18:00 · 32 views
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида янги туризм имкониятлари очилмоқда

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида янги туризм имкониятлари очилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси ташаббуси билан Иорданиянинг миллий авиакомпанияси — “Royal Jordanian Airlines” 2026 йил 1 июлдан Аммон – Тошкент – Аммон йўналиши бўйича мунтазам йўловчи рейсларини амалга оширишни бошлади.

Шу тариқа Ўзбекистон ва Иордания пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Рейслар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.

Ушбу муҳим воқеа муносабати билан Тошкент шаҳрида Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Таджиев, “Royal Jordanian Airlines” авиакомпаниясининг тижорий масалалар бўйича директори Карим Махлуф, «Тошкент» халқаро аэропорти директори Жасур Пўлатов ҳамда Ўзбекистон ва Иорданиянинг етакчи туризм компаниялари вакиллари иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди.

“Аммон – Тошкент йўналиши бўйича янги тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши қадимий цивилизацияларга, бой тарихга, меҳмондўстлик анъаналарига ва улкан туризм салоҳиятига эга икки мамлакат ўртасида янги кўприк барпо этилаётганлигини билдиради. Ҳар ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари амалга ошириладиган ушбу рейслар сайёҳлар ҳамда ишбилармонлар учун қулай сафар имкониятларини яратади. Қатновлар дам олиш сафарлари, хизмат сафари, оилавий ташрифлар ва ташкиллаштириладиган туристик гуруҳлар учун янада қулай шароит яратиб, мамлакатларимиз ўртасидаги туризм ва савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади”, деб фикр билдирди Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Таджиев. 

“Тошкент ва Амман ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг авиакомпания 50 дан ортиқ халқаро йўналишларга парвоз қилади. Рояль Жорданиан Иорданияни Европа, Осиё, Шимолий Америка ва Яқин Шарқ давлатлари билан боғлайди. Бу Иорданиядан ташқари 3-хориж мамлакатларидан Ўзбекистонга сайёҳларнинг кириб келишида аҳамиятли. Янги йўналиш мамлакатга кириш туризмини рағбатлантириш ва Ўзбекистонни Иорданияда жаҳоннинг етакчи туристик йўналишларидан бири сифатида тарғиб қилишга қаратилган”, дейди “Royal Jordanian Airlines” авиакомпаниясининг тижорий масалалар бўйича директори Карим Махлуф.

“Royal Jordanian Airlines” 1963 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Иорданиянинг миллий авиаташувчиси ҳисобланади. Авиакомпания оневорлд глобал авиаалянси аъзоси бўлиб, унинг тармоғи орқали Ўзбекистон шаҳарларини юзлаб халқаро йўналишлар билан боғлаш имконияти яратилади. Шу боис янги авиақатнов мамлакатимизга хорижий туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Янги рейс Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Марказий Осиё туризм ҳалқаси” ташаббусини амалга оширишда ҳам муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналиш Иордания ва бошқа давлатлардан келувчи сайёҳларга Тошкент билан бир қаторда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Марказий Осиёнинг бошқа тарихий шаҳарларига қулай сафар қилиш имконини беради.

Янги авиа қатновларни ташкил этилиши  ҳар йили июнь–август ойларида “Очиқ туризм мавсуми” дастури ўтказилади. Дастур доирасида янги халқаро авиақатновларни йўлга қўйган хорижий ва маҳаллий авиаташувчиларга давлат томонидан субсидиялар ажратилади, аэропорт хизматлари учун чегирмалар тақдим этилади. Шунингдек, резидент туроператорларга жалб этилган ҳар минг нафар хорижий турист учун молиявий қўллаб-қувватлаш кўрсатилади ҳамда туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари бўйича қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи кешбек тарзида қайтарилади.