Ўзбекистон ва Ҳиндистон янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 3 август куни Ню-Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Piyush Goyal, FICCI ва Invest India раҳбарияти, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашган Ҳиндистон–Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Томонлар савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 30 фоизга ошиб, илк бор 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Томонлар савдо айланмасини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадини тасдиқладилар.
Шу нуқтайи назардан бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда маъмурий тўсиқларни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Савдога кўмаклашиш бўйича англашув меморандумини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида металлургия, тоғ-кон ва кимё саноати, энергетика, рақамли инфратузилма, фармацевтика, машинасозлик ҳамда агросаноат мажмуаси белгиланди. Қўшма лойиҳалар портфели 5 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Форум якунида ўтказилган B2B ва G2B учрашувлари ишбилармон доиралар вакилларига аниқ ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда уларни амалий амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаш имконини берди.