Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари стратегик шерикликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 3 август куни Нью-Дели шаҳрида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар билан тор доирада учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Вазирлар олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ амалий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини, шунингдек, турли даражаларда фаол ва мазмунли мулоқот давом этаётганини қайд этди.
Суҳбатдошлар, шунингдек, олий даражада ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашди.