Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Гонконгнинг Henderson Land Group холдинги раиси Питер Ли билан музокаралар ўтказди. Томонлар инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Администрацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайта тикланувчи энергетика, Янги Тошкент инфратузилмасини ривожлантириш ва таълим соҳалари қайд этилди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон Гонконг — Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди — йирик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат қўшма ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашишга тайёр. Бунда ташкил этилаётган Тошкент халқаро молия маркази имкониятларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Президент Администрацияси раҳбари Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигига ишонч билдирди.