Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 02.07.2026 · 16:45 · 28 views
Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Грузия туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги делегациянинг Грузияга расмий ташрифи доирасида Грузия Миллий туризм маъмурияти раҳбари Мая Омиадзе билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қўшма туризм маҳсулотларини яратиш ва халқаро бозорда биргаликда тарғиб қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. 

Музокараларда туризм статистикасини юритиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, кириш ва ички туризм статистикасини шакллантириш, аэропортлар ҳамда чегара ўтиш пунктларида сайёҳлар ўртасида танланма сўровлар ўтказиш методологияси юзасидан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилди. 

Шунингдек, кириш туризмни рағбатлантиришнинг замонавий механизмлари, жумладан, солиқ имтиёзлари орқали туризм бизнесини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон томони Грузияда муваффақиятли қўлланиб келинаётган туроператорлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш ва ноль ставкани қўллаш амалиёти ҳамда унинг туристлар оқимини оширишдаги самарадорлиги билан яқиндан танишишга қизиқиш билдирди.

Учрашув давомида тоғ, энотуризм ва гастрономик туризмни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Грузиянинг ушбу соҳалардаги муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш, грузиялик мутахассисларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларга маслаҳатчи сифатида жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик фикри етакчилари учун ўзаро пресс-турлар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Грузияда ўтказиладиган йирик халқаро туризм кўргазмалари, форумлар ва бошқа нуфузли тадбирларда мунтазам иштирок этиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида ўзаро сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, миллий туризм маҳсулотларини халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш, қўшма туризм лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ишларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.