Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Тошкентда “Умра плюс ва зиёрат туризми” IV халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

UzDaily таҳририяти · 26.06.2026 · 11:15 · 23 views
Тошкентда “Умра плюс ва зиёрат туризми” IV халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

Тошкентда “Умра плюс ва зиёрат туризми” IV халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27–28 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Ҳумо Арена мажмуасида “Умра плюс ва зиёрат туризми” ИВ халқаро кўргазмаси ташкил этилади.

Мазкур нуфузли тадбир Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия, Россия, Озарбайжон ҳамда Саудия Арабистонидан 200 дан ортиқ туроператор, меҳмонхона ва транспорт компаниялари вакилларини бир майдонга жамлайди. Кўргазма “Умра+ Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги бизнес имкониятларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир давомида туристик ташкилотлар ўз стендларини намойиш этиб, «Умра+» йўналиши бўйича Б2Б учрашувлар, музокаралар ва ҳамкорлик келишувларини ўтказадилар. Бу эса маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида янги лойиҳалар ва туристик маҳсулотларни шакллантириш учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.

“Умра плюс Ўзбекистон” лойиҳаси сўнгги йилларда Туркия, Малайзия ва Индонезия каби давлатларда муваффақиятли тақдим этилиб келинмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Умра сафарини амалга оширувчи хорижий сайёҳларни Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, муқаддас қадамжолари ва замонавий туризм инфратузилмаси билан яқиндан таништиришдан иборат.

Тошкентда ўтказиладиган мазкур кўргазма ушбу ташаббуснинг навбатдаги муҳим босқичи бўлиб, маҳаллий туристик ташкилотларга Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарлари бўйлаб саёҳатларни Умра дастурлари билан уйғунлаштирган ҳолда халқаро бозорда таклиф этиш имкониятини яратади.

Кўргазма зиёрат туризми йўналишида фаолият юритаётган компаниялар, меҳмонхоналар, транспорт операторлари, туризм соҳаси мутахассислари ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор ташкилотлар учун муҳим учрашув майдонига айланиши кутилмоқда.