Ўзбекистон ва Германия Европада қонуний ишга жойлашиш бўйича келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Германия Европада қонуний ишга жойлашиш бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Германиядаги расмий вакили – UZ Trade House Germany (UZTH) ҳамда Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган Hanseatic Connect халқаро кадрлар компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Hanseatic Connect — Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган халқаро кадрлар компанияси бўлиб, 140 йиллик тарихга эга Schulte Group таркибига киради. Компания соғлиқни сақлаш, парваришлаш ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун хорижий мутахассисларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш билан шуғулланади. Schulte Group эса 30 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритувчи, 45 мингдан зиёд ходимга эга йирик халқаро саноат ва денгизчилик гуруҳи ҳисобланади.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни Европа меҳнат бозорига тизимли равишда тайёрлаш ва жалб этишга хизмат қилади.
Ҳамкорлик доирасида UZTH ўзининг Ўзбекистондаги кенг ҳамкорлик тармоғи орқали истиқболли номзодларни аниқлаш ва танлашга кўмаклашса, Hanseatic Connect уларнинг касбий тайёргарлиги, тил ўқувлари, виза ва дипломларни тан олиш жараёнлари ҳамда Германиядаги меҳнат муҳитига мослашувини таъминлайди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида меҳмонхона ва ресторан бизнеси, тиббий парвариш (Pflege) ҳамда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу ташаббус нафақат ўзбекистонлик мутахассислар учун Европа мамлакатларида қонуний ва муносиб меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтириши, балки кадрлар тайёрлаш, тил таълими ва рекрутинг хизматлари билан шуғулланувчи маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам янги бизнес имкониятларини яратиши кутилмоқда.