Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Германия янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Искандар Қутбиддинов ҳамда Германия Бундестаги депутати, Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Штефан Майер ўртасида муҳокама қилинди.
Томонлар минтақавий дастурлар доирасидаги ҳамкорлик, экологик мониторинг, биохилма-хилликни сақлаш, шунингдек, илмий-таълимий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.
Ўзбекистон томони амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларини тақдим этди. Улар қаторида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, биохилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, кўкаламзорлаштириш ва экологик таълимни ривожлантириш масалалари бор.
GIZнинг «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси ва ILUCA минтақавий дастурига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишлар доирасида амалий лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш ва мутахассисларни биргаликда тайёрлаш таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни SMART-патруллаш, фототузоқлар, геоахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда рақамли мониторинг қилиш бўйича пилот лойиҳани ишга туширишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, сайғоқларнинг миграция йўлларини сақлаш мақсадида Германиянинг эксперт ва илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, техник ва методологик кўмак жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таълим соҳасида Green University’нинг Германия университетлари ва илмий ташкилотлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма ёзги мактаблар ташкил этиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма тадқиқотлар ўтказиш таклиф этилди.
Шунингдек, Green University ҳузуридаги 14 та «яшил» техникумда немис тилини ўқитишни ривожлантириш ташаббуси илгари сурилди.
Штефан Майер Германиялик ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатишга кўмаклашишга ва техникумларда немис тили марказлари ҳамда синфларини ташкил этишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Томонлар экологик тартибга солиш, сертификатлаштириш, стандартлаштириш, энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш, циркуляр иқтисодиёт ва чиқиндиларни бошқариш соҳаларида экспертлар алмашинувини ривожлантиришга келишиб олди.
Шунингдек, Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Eco Expo Central Asia 2027 халқаро экологик кўргазмасида Германия компаниялари ва илмий ташкилотларининг иштирокини кенгайтириш таклиф қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар GIZ дастурлари доирасида қўшма лойиҳаларни давом эттириш, рақамли мониторинг ва илмий-таълимий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, яшил технологиялар соҳасидаги шерикликни ривожлантиришга келишиб олди.