Ўзбекистон ва Бразилия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Бразилия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Бразилия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Бразилия Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик вазирлиги вазири ўринбосари Августо Билли бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги аграр ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат саноати йўналишларида шерикликни кенгайтириш икки давлат учун янги имкониятлар яратишини таъкидладилар.

Учрашувда аграр биотехнология, селекция, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги технологиялари, шунингдек қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, карантин ва фитосанитария сертификатларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Томонлар мутахассислар тайёрлаш, тажриба алмашиш ва аграр соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий амалиётларни ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, Бразилиянинг EMBRAPA Soja илмий-тадқиқот институти билан қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ҳамда қурғоқчиликка чидамли навларни яратиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мутахассислар алмашинувини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Бразилия томони жорий йилнинг 4–6 август кунлари бўлиб ўтадиган халқаро чорвачилик кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси иштирокини таъминлашни таклиф этди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг