Ўзбекистон ва Беларус озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича келишув имзоладилар
Ўзбекистон ва Беларус озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича келишув имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Беларус Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Александр Яковчитс бошчилигидаги Беларус Республикаси делегацияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Беларус Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси катта маслаҳатчиси Иван Ткачев, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Музокаралар давомида томонлар агросаноат ва озиқ-овқат соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида Беларус Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида озиқ-овқат соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланди.
Имзоланган битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда аграр соҳада қўшма ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилади.