Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Беларус генетик технологияларни муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 17:30 · 30 views
Ўзбекистон ва Беларус генетик технологияларни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Беларус генетик технологияларни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг навбатдаги учрашуви Беларус Миллий фанлар академияси Генетика ва цитология институти директори Людмила Макарина-Кибак билан бўлиб ўтди.

Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда илм-фан, инновациялар ҳамда биотехнологиялар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Томонлар, аввало, инсон геномикаси йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Тошкент вилоятида замонавий "Персонализациялашган тиббиёт ва Генетик паспорт" тизимини босқичма-босқич жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, иқлим ўзгаришлари шароитида қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлаш масалалари ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди.

Хусусан, Тошкент вилоятида сув тақчиллиги ва тупроқ шўрланиши оқибатида ҳосилдорликнинг пасайиши муаммоларига илмий ечим сифатида иқлим ўзгаришларига чидамли қишлоқ хўжалиги экинлари геномикаси бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.

Мулоқот давомида чорвачилик тармоғини илмий асосда ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар илмий салоҳият ва илғор технологияларни амалиёт билан уйғунлаштириб, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.