Ўзбекистон ТИВ ЕИ миграция марказлари ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон ТИВ ЕИ миграция марказлари ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон ТИВ ЕИ миграция марказлари ҳақидаги хабарларни рад этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа Иттифоқидан чиқарилаётган мигрантлар учун Ўзбекистон ҳудудида марказлар жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев «Газета» нашрига маълум қилди.

Аввалроқ Американинг Politico нашри уч нафар номи очиқланмаган европалик дипломатга таяниб, ЕИга аъзо давлатлар гуруҳи иттифоқ ташқарисидаги 8–10 давлатга ўз ҳудудида бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун марказлар жойлаштириш таклифи билан мурожаат қилишни режалаштираётганини хабар қилган эди.

Нашр маълумотларига кўра, Нидерландия, Австрия, Дания, Германия ва Греция қўшма қайтариш марказлари — return hubs, шунингдек ЕИ ташқарисида бошпана бериш бўйича аризаларни кўриб чиқиш марказларини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда. Лойиҳада иштирок этишга рози бўлган давлатларга ривожланиш бўйича ёрдам ёки виза режимини либераллаштириш таклиф қилиниши мумкин.

Дипломатлардан бири Politico нашрига эҳтимолий ҳамкор давлатлар сифатида Қозоғистон ва Ўзбекистон кўриб чиқилаётганини билдирган.

ТИВ матбуот котиби «Газета» нашрига шундай деди: «Ҳозирги вақтда мазкур масала юзасидан Европа Иттифоқи муассасалари билан музокаралар олиб борилмаяпти ва режалаштирилмаган».

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ерлан Жетибаев ҳам 1 июнь куни республика Европа Иттифоқи билан бошпана олмаган мигрантлар учун махсус марказлар ташкил этиш бўйича, виза тартибини енгиллаштириш эвазига музокаралар олиб бормаётганини маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳозирда Европа томони билан виза талабларини енгиллаштириш, шунингдек мамлакат ноқонуний равишда хорижга чиққан ўз фуқароларини қабул қилиб олиш мажбуриятини назарда тутувчи реадмиссия келишувини муҳокама қилмоқда.

2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ўшанда бу томонларга реадмиссия ва виза тартибини енгиллаштириш масалалари бўйича музокараларни бошлаш имконини бериши таъкидланган.

Декабрь ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи виза тартибини енгиллаштириш бўйича музокараларни бошлади.

Томонлар меҳнат фаолияти ва таълим учун ЕИ мамлакатларига бораётган фуқаролар, шунингдек юк ташувчи ҳайдовчилар ва туристик гуруҳлар учун виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш имкониятларини муҳокама қилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг