Ўзбекистон судларда адвокатларнинг ваколатларини кенгайтиради
Ўзбекистон судларда адвокатларнинг ваколатларини кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси суд-ҳуқуқ тизимида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини янада кучайтириш, адвокатларнинг процессуал имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритилиши белгиланяпти.
Шунингдек, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Ҳимоя фикрида айбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.
Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суд муҳокамаларида тенгликни таъминлаш, судьянинг иш бўйича ҳар икки томон фикри билан олдиндан танишишига имконият яратиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади. Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан суд жараёнларида тортишув принципи мустаҳкамланади, адвокатнинг роли ва таъсири ортади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.