Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Мака Нацвлишвилини Грузиядаги вакили этиб тайинлади. Тегишли сертификат унга 27 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Палата раиси Даврон Ваҳабов томонидан топширилди.
Мака Нацвлишвили халқаро лойиҳаларни бошқариш ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида 14 йилдан ортиқ тажрибага эга. У Business Shop LLC компанияси асосчиси ва директори, шунингдек, Грузиядаги EurAsia Gulf халқаро бизнес платформаси раҳбари ҳисобланади.
Мазкур тайинлов Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ҳамкорлигини ривожлантириш ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий бозорларга чиқишига кўмаклашишга қаратилган.
Учрашув давомида томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида доимий ҳамкорлик механизмини яратиш, ишбилармонлар кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш, ўзаро бизнес-миссиялар ва қўшма тадбирларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазмалар ва бизнес-форумларда Грузия компанияларининг иштирокини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, савдо, тўқимачилик саноати, заргарлик ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Грузиянинг географик жойлашуви ва бошқа мамлакатлар билан савдо алоқаларидан фойдаланган ҳолда ўзбек маҳсулотларини янги бозорларда илгари суриш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Музокаралар якунида томонлар янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.