Ўзбекистон парламенти делегацияси халқаро парламент майдонида ёшлар сиёсатига оид ташаббусларни илгари сурди
Ўзбекистон парламенти делегацияси халқаро парламент майдонида ёшлар сиёсатига оид ташаббусларни илгари сурди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси “Келажак авлодлар манфаатлари йўлида ишончни мустаҳкамлаш, барқарор тинчликни таъминлаш ва адолатни қарор топтириш” мавзусида ўтказилаётган Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеясида фаол иштирок этмоқда.
Ассамблея доирасидаги умумий дебатларда Ўзбекистон томони барқарор тинчлик ва адолатни таъминлаш жараёнида ёшларнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида қайд қилди. Бугунги глобал ўзгаришлар шароитида ёшлар нафақат ижтимоий қатлам, балки жамият тараққиётини белгилайдиган асосий куч сифатида кўрилаётгани билдирилди.
Сенат Раиси ўз нутқида Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг марказий йўналишларидан бирига айланганини маълум қилди.
Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли кейинги йилларда ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёзлар, ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилда “Барқарор келажак сари” давлат дастури амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Мазкур дастур доирасида таълим, илм-фан, IT ва инновациялар, ёшлар бандлиги, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек маданият, санъат, спорт ва экологик тарбияни ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ҳаётга изчил жорий этилмоқда.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси мазкур устувор йўналишларга тўлиқ мос келиб, ёшлар манфаатларини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини назарда тутади. “Барқарор ривожланиш сари” давлат дастури эса ушбу Стратегиянинг амалий ифодаси сифатида хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги ўзаро боғлиқ дунёда миллий саъй-ҳаракатларни халқаро ҳамкорлик билан уйғунлаштириш зарурлиги қайд этилди. Ёшлар нафақат миллий, балки глобал ресурс экани, улар чегара билмас фикрлаши ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ўзаро мулоқот ва тажриба алмашув платформаларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тадбир давомида Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса ёшлар парламентаризми соҳасида мулоқот ва тажриба алмашинувини кенгайтириш ташаббуси билан чиқди.