Спорт

Ўзбекистон Осиё параўйинларида ўнлаб медалларни қўлга киритди

Ўзбекистон Осиё параўйинларида ўнлаб медалларни қўлга киритди
Ўзбекистон Осиё параўйинларида ўнлаб медалларни қўлга киритди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари Aichi-Nagoya 2026 V ёзги Осиё параўйинларида кўплаб медалларни қўлга киритди.

Мамлакат вакиллари парапауэрлифтинг, парадзюдо, паратхэквондо, сузиш, енгил атлетика ва шоссе велоспорти бўйича мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлишди. Ўзбекистонлик бир нечта спортчи рекордларни ҳам янгилади.

Парапауэрлифтинг бўйича 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида Бекзод Жамилов, 67 килограммгача бўлган вазн тоифасида эса Рухшона Ўктамова олтин медалларни қўлга киритди. Жамилов 229 килограмм оғирликни кўтарди.

Ироқлик кумуш медаль соҳиби 222 килограмм, хитойлик бронза медали совриндори эса 215 килограмм натижа қайд этди. Ўктамова мусобақани 127 килограмм натижа билан якунлади.

Руза Қўзиева 73 килограммгача бўлган вазн тоифасида 152 килограмм оғирликни кўтариб, жаҳон рекордини ўрнатган ҳолда чемпион бўлди. Унинг ҳамюрти Қудратой Тошпўлатова 130 килограмм натижа билан бронза медалини қўлга киритди. Иккинчи ўринни 146 килограмм кўтарган хитойлик спортчи эгаллади.

Парадзюдо бўйича Довурхон Кароматов 95 килограммгача бўлган вазн тоифасида J2 классида олтин медални қўлга киритди. У айланма тизимда ўтказилган мусобақада барча рақиблари устидан ғалаба қозонди.

Моҳинур Пармонова 70 килограммдан юқори вазн тоифасида кумуш медаль, Ҳабиба Жўраева эса бронза медалига сазовор бўлди. Феруза Эргашева шу вазн тоифасида J1 классида бронза медалини қўлга киритди. Исломжон Тўхтабоев 95 килограммдан юқори вазнда J1 класси бўйича кумуш медаль олди.

Паратхэквондо бўйича Гулжоной Наимова 65 килограммдан юқори вазн тоифасининг финалида хитойлик рақибасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Каромат Қосимова ҳам шу вазн тоифасида бронза медали учун кечган баҳсда эронлик рақибасини 2:0 ҳисобида енгди.

Отабек Аматов 80 килограммгача бўлган вазн тоифасида қозоғистонлик спортчини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, бронза медалига сазовор бўлди. Асадбек Тоштемиров ҳам 80 килограммдан юқори вазн тоифасида Жанубий Корея вакилини 2:0 ҳисобида енгиб, бронза медалини қўлга киритди. Умаржон Муйдинов эса ушбу вазн тоифасида эронлик спортчига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, кумуш медаль билан тақдирланди.

Енгил атлетика бўйича Достон Қаҳҳоров T36 классида эркаклар ўртасида 400 метрга югуришда 54,42 сония натижа билан ғолиб чиқди ва Осиё параўйинлари рекордини ўрнатди. Бобуржон Омонов F41 классида ядро улоқтириш бўйича 13,07 метр натижа билан олтин медални қўлга киритиб, мусобақа рекордини ҳам янгилади.

Сабина Суханова T37 классида узунликка сакрашда 4,39 метр натижа билан кумуш медаль олди. Шаҳина Азимова 4,12 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Ботир Муҳаммедов T13 классида 6,24 метр натижа билан учинчи ўринни эгаллади. Темурбек Ғиёсов эса T64 классида баландликка сакрашда 1,86 метр натижа кўрсатиб, бронза медалини қўлга киритди.

Сузиш бўйича Муслима Одилова S13 классида 100 метрга орқа усулда сузишда 1 дақиқа 12,99 сония натижа билан олтин медални қўлга киритди. Егор Болотов ҳам эркаклар ўртасида ушбу масофада 58,43 сония натижа кўрсатиб, чемпион бўлди ва Осиё рекордини ўрнатди. Диас Мирманов S9 классида 400 метрга эркин усулда сузишда 4 дақиқа 32,18 сония натижа билан бронза медалига эга чиқди.

Шоссе велоспорти бўйича Жаҳонгир Халилов T1–2 классида эркаклар ўртасидаги алоҳида стартли пойгада 20 дақиқа 56,10 сония натижа билан учинчи ўринни эгаллади.

Аёллар ўртасида шу классида ўтказилган пойгада Маржона Пардабоева 25 дақиқа 58,04 сония натижа билан олтин медални, Одина Ҳамдамова эса 31 дақиқа 36,76 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Робияхон Тошпўлатова йўлбошловчи Ольга Забелинская билан бир жуфтликда B классидаги тандемлар ўртасида алоҳида стартли пойгада 32 дақиқа 45,82 сония натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Бунёд Ҳаитмаҳаммадов C1–C5 классида эркаклар ўртасидаги пойгада 25 дақиқа 39,46 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.

Беҳзод Ҳожиматов
Беҳзод Ҳожиматов

Беҳзод Ҳожиматов журналистика соҳасида катта тажрибага эга. Фаолияти давомида у Ўзбекистондаги турли янгиликлар нашрларида журналист ва муҳаррир сифатида ишлаган. UzDaily'да нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун янгиликлар ёзган ва таҳрир қилган.