Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд томонидан диний экстремизм, терроризм ва фундаментализм ғоялари билан суғорилган деб топилган интернет-ресурслар ҳамда материалларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди маълум қилишича, рўйхат 2026 йил 3 ноябрь ҳолатига кўра тузилган.
Ушбу материалларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган. Шунингдек, уларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этишга ҳам йўл қўйилмайди.
Ҳужжатдан жами 2 мингдан ортиқ позиция ўрин олган. Уларнинг энг кўпи Telegram мессенжерига тегишли бўлиб, рўйхатга 967 та канал, гуруҳ ва алоҳида нашр киритилган.
Instagram ижтимоий тармоғида 454 та аккаунт, Facebook тармоғида эса 276 та саҳифа ва материал тақиқланган. YouTube видеохостингидаги 214 та канал ва видеолавҳа ҳам рўйхатдан жой олган.
Бундан ташқари, 68 та позиция TikTok, 44 таси «Одноклассники» ижтимоий тармоғига тегишли. Threads тармоғидаги битта саҳифа ҳам рўйхатга киритилган.
Алоҳида бўлимда 13 та сайт, веб-саҳифа ва илова келтирилган. Улар орасида Global Tahlil, hizb-uzbekiston.info, ixlos.org, najot.info, muhsinlar.net ва Malhama Tactical сайтлари бор.
Ушбу бўлимга Play Market ва App Store платформаларида жойлаштирилган Zaytun иловаси ҳамда Dailymotion платформасидаги канал ҳам киритилган.
«Бошқа манбалар» бўлимида 20 та позиция санаб ўтилган. Уларнинг 15 таси китоблар, қолганлари эса қўшиқлар ва уларнинг матнлари, шеър ҳамда китоблардан бири асосида тайёрланган маърузадан иборат.
Рўйхатга киритилган материаллар ўзбек тилида лотин ва кирилл ёзувларида, шунингдек, рус, араб ва турк тилларида тарқатилади.
Рўйхатда чечен тилидаги маърузалар ҳам бор. Айрим манбаларнинг номлари араб ёзувида берилгани сабабли улар ҳужжатда фақат ҳаволалар орқали кўрсатилган.