Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон ОКА агентлиги Арманистон тажрибасини ўрганди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 14:20 · 28 views
Ўзбекистон ОКА агентлиги Арманистон тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон ОКА агентлиги Арманистон тажрибасини ўрганди / Фото: Омонатларни Кафолатлаш Агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Омоноватларни кафолатлаш агентлиги делегацияси 26–27 август кунлари ишчи ташриф билан Ереван шаҳрида бўлиб, омонатларни кафолатлаш соҳасида Арманистоннинг амалий тажрибасини ўрганди.

Ташриф 2025 йилда имзоланган ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилди ҳамда томонлар ўртасида амалий тажриба алмашишга қаратилди.

Музокараларда Арманистон Омонатларни кафолатлаш жамғармаси вакиллари ҳамда молиявий барқарорлик, инқирозларни бошқариш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонлик масалаларига масъул Арманистон Марказий банки мутахассислари иштирок этди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон делегацияси Арманистондаги омонатларни кафолатлаш тизимининг норматив-ҳуқуқий базаси, шунингдек, инвестиция фаолиятини тартибга солувчи ички ҳужжатлар билан танишди.

Шунингдек, инвестиция портфелини шакллантириш тамойиллари, рухсат этилган молиявий воситалар рўйхати ҳамда кредит, бозор, операцион ва ликвидлик рискларини баҳолаш ва бошқариш механизмлари алоҳида кўриб чиқилди.

Томонлар инвестиция портфелини диверсификация қилиш, уни қайта баҳолаш, лимитлар тизимидан фойдаланиш ва стресс-тестлар ўтказиш бўйича ҳам тажриба алмашди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Омоноватларни кафолатлаш агентлиги вакиллари 2026 йилда тижорат банкларидан бирининг лицензияси чақириб олинганидан сўнг омонатчиларга компенсация тўловларини ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида орттирилган амалий тажриба ҳақида маълумот берди.

Ишчи ташриф доирасида делегация Арманистон Марказий банки Ташриф буюрувчилар маркази ва музейи фаолияти билан ҳам танишди.

Учрашувлар якунлари бўйича томонлар ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми доирасида мунтазам мулоқотни давом эттириш ҳамда омонатларни кафолатлаш соҳасида амалий тажриба алмашишни кенгайтиришга келишиб олди.