Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон Каспий денгизида паром қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Дилафруз Ниязова · 25.08.2025 · 07:52 · 409 views
Ўзбекистон Каспий денгизида паром қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон Каспий денгизида паром қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Каспий денгизида паром қатновини йўлга қўйиш ниятида. Бу ҳақда Туркманистонда ўтказилган юқори даражадаги уч томонлама учрашув якунлари бўйича «O’zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида транспорт вазири Илҳом Махкамов маълум қилди.

Унинг маълумотига кўра, ушбу йўналишда юк ташиш ҳажмининг ортиши 30–40 кунлик тиқилиб қолишларга олиб келмоқда. Шу боис, Ўзбекистонга тегишли ўз кемаларининг мавжудлиги юкларни ташиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш имконини беради.

Аваза шаҳридаги саммит доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон кемасозлик соҳасида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон кемаларни нафақат Туркманистонда, балки Озарбайжонда ҳам сотиб олишни режалаштирмоқда.

«Туркманистон ва Озарбайжонда кемасозлик заводлари фаолият юритмоқда. Биз ушбу корхоналардан кема харид қилиш имкониятларини ўрганиш ва кўриб чиқишга келишиб олдик. Барча техник жиҳатларни чуқур ишлаб чиқиш зарур. Имзоланган ҳужжат эса техник ва тижорат масалаларини эркин ҳал этиш учун шарт-шароит яратади», — дея таъкидлади Илҳом Махкамов.