Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Навоийда 340 млн сўмлик олтиннинг ноқонуний савдоси тўхтатилди

Дилафруз Ниязова · 13.08.2026 · 13:35 · 34 views
Навоийда 340 млн сўмлик олтиннинг ноқонуний савдоси тўхтатилди
Навоийда 340 млн сўмлик олтиннинг ноқонуний савдоси тўхтатилди / Фото: Давлат хавфсизлик хизмати видеосидан олинган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий шаҳрида 340 млн сўмлик олтиннинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Тезкор тадбир давомида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, 1987 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар фуқарони ушлади.

Тадбир «Хавфсиз ва соғлом мамлакат» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, эркаклар харидорга 212,9 грамм олтин қуймаларини 340 млн сўмга сотиш бўйича келишган.

Савдо жараёнида сотувчилар харидорга 999 пробали 26,3 грамм олтинни бериб, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришларини билдирган. Харидордан 20 минг доллар ва 100 млн сўмни олаётган вақтда улар қўлга олинган. Улардан ашёвий далиллар ҳам аниқланган.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қўлга олинган шахслардан бири ўз уйида қум таркибидан олтин ажратиб олиш бўйича яширин цех ташкил қилганини аниқлаган.

Қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.