Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон $60 млнлик майиз экспорт қилди

Дилафруз Ниязова · 13.08.2026 · 13:05 · 16 views
Ўзбекистон $60 млнлик майиз экспорт қилди
Ўзбекистон $60 млнлик майиз экспорт қилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2026 йил январь-июнь ойларида 57 та хорижий давлатга 47,7 минг тонна майиз экспорт қилди. Экспортнинг умумий қиймати 60 миллион долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 704,5 тоннага ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистон майизининг энг йирик харидори Қозоғистон бўлди. Ушбу давлатга 15,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилди. Иккинчи ўринда 6 минг тонна импорт ҳажми билан Хитой, учинчи ўринда эса 5,6 минг тонна майиз харид қилган Россия қайд этилди.

Ҳисобот даврида Туркияга 3,9 минг тонна, Эронга 1,7 минг тонна, Украинага эса 1,6 минг тонна майиз экспорт қилинди.

Озарбайжон 1,4 минг тонна, Грузия 1,2 минг тонна, Бирлашган Араб Амирликлари 1,1 минг тонна, Германия эса 1 минг тонна ўзбек майизини импорт қилди.

Яна 994,2 тонна ўзбек майизи Бразилияга экспорт қилинди. Бошқа давлатлар ҳиссасига қарийб 8 минг тонна етказиб бериш тўғри келди.

UN Comtrade маълумотлар базасига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон 53 минг тонна майиз экспорт қилиб, ушбу маҳсулот экспорти ҳажми бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллаган.

2024 йилда майизнинг дунёдаги энг йирик экспортчиси Туркия бўлиб, мамлакат хорижга 205,9 минг тонна маҳсулот етказиб берган. Жанубий Африка Республикаси 81,7 минг тонна, Хитой 76,4 минг тонна, Чили эса 59,1 минг тонна майиз экспорт қилган.

Энг йирик бешта экспортчи давлат қаторига 55,6 минг тонна кўрсаткич билан Ҳиндистон ҳам кирган. АҚШ 53,7 минг тонна, Ўзбекистон эса 53 минг тонна майиз экспорт қилган.

Рейтингда кейинги ўринларни Аргентина 38,5 минг тонна, Греция 15,6 минг тонна ва Нидерландия 12,7 минг тонна кўрсаткич билан эгаллаган.