Ўзбекистон Женевада инсон ҳуқуқлари универсаллиги муҳокамасининг ҳамташкилотчиси бўлди
Ўзбекистон Женевада инсон ҳуқуқлари универсаллиги муҳокамасининг ҳамташкилотчиси бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 62-сессияси доирасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда минтақавий ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимлари иштирокида “Турли минтақаларда инсон ҳуқуқларининг универсаллиги ва замонавий чақириқлар” мавзусида параллел тадбир ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамташкилотчилардан бири сифатида иштирок этди.
Шунингдек, ҳамташкилотчилар қаторидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Европа Кенгаши, Африка Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Араб хартияси қўмитаси ўрин олди.
Тадбир геосиёсий кескинлик, нормаларни танлаб талқин қилиш ва фуқаролик маконининг торайиши шароитида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бўлинмаслиги ҳамда ўзаро боғлиқлиги тамойилини тасдиқлашга бағишланган панел муҳокамаси шаклида ўтди.
Иштирокчилар универсаллик бир хилликни англатмаслигини таъкидладилар. Яъни, универсал стандартлар турли ҳуқуқий тизимлар ва институционал анъаналар орқали амалга оширилиб, легитимлик ва самарадорликка эришади. Минтақавий механизмлар эса глобал тизим ҳамда миллий воқеликлар ўртасида “кўприк” вазифасини ўтайди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий институтларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ва минтақавий ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари билан конструктив ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг тажрибаси универсал халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этишнинг муваффақиятли намуналаридан бири сифатида қайд этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ўринбосари Ава Дабо инсон ҳуқуқларининг универсаллиги БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, шунингдек Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида мустаҳкамланган халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимининг асоси эканлигини таъкидлади. У БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг глобал ва минтақавий тизимлар ўртасидаги боғловчи бўғин сифатидаги ролини уқтириб, универсал меъёрларни парчалаш ва нисбийлаштириш тенденцияларидан огоҳлантирди.
Европа Кенгаши Бош котибининг БМТдаги махсус вакили, Европа Кенгашининг Женевадаги доимий кузатувчиси, элчи Мирослав Папа Европа минтақавий тизими тажрибасини, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг юриспруденциясини минтақавий даражада универсал нормаларни жорий этиш намунаси сифатида тақдим этди.
Африка ва Америка минтақалари вакиллари ўз чиқишларида инсон ҳуқуқларининг универсаллиги миллий ўзига хосликлар ва минтақавий тажрибани ҳисобга олган ҳолда энг самарали тарзда рўёбга чиқарилишини алоҳида таъкидладилар.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Филипп Жаффе бола ҳуқуқларининг универсаллигини шартномавий орган нуқтаи назаридан таҳлил қилди. У универсал стандартлар турли маданий-ҳуқуқий шароитларда қай тарзда изчил қўлланилишига эътиборни қаратди.
Тинч йиғилишлар ва бирлашмалар эркинлиги ҳуқуқи бўйича собиқ махсус маърузачи Клеман Ньялетсосси Вуле фуқаролик маконининг торайиб бораётганига ҳамда ягона ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимининг ажралмас қисми бўлган асосий эркинликларни – тинч йиғилишлар ва бирлашиш ҳуқуқини – универсал ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақида сўз юритди.
Интерфаол сессия давомида давлатлар, минтақавий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан глобал ҳамда минтақавий инсон ҳуқуқлари механизмларининг ўзаро ҳамкорлигига доир амалий жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунлари Ўзбекистон учун мамлакат вакилларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг шунга ўхшаш тадбирларидаги иштирокини давом эттириш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва минтақавий инсон ҳуқуқлари тизимлари билан ҳамкорликда тадбирларни ташкил этиш амалиётини ривожлантириш мақсадга мувофиқ эканини кўрсатди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ташаббусларни илгари суриш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши майдонидан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқларининг универсал стандартларини мустаҳкамлаш мақсадида Европа Кенгаши, Африка комиссияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Америка давлатлараро комиссияси билан минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам мамлакат учун катта қизиқиш уйғотади.