Ўзбекистон HAUS ва ESTDEV билан рақамли ҳукумат ва GovTech'ни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон HAUS ва ESTDEV билан рақамли ҳукумат ва GovTech'ни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов HAUS Финландия давлат бошқаруви институти ҳамда ESTDEV (Estonian Centre for International Development) ташкилотлари вакиллари билан қўшма учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида давлат хизматларини рақамлаштириш, интеграциялашган рақамли ҳукумат тизимлари, хавфсиз маълумот алмашинуви, рақамли идентификация ва ГовТеч экотизимларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлат секторида рақамли трансформацияни жадаллаштириш, фуқаролар учун давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда аҳолига йўналтирилган рақамли хизматларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастлаб HAUS ва ESTDEV вакиллари Европа Иттифоқи доирасида амалга оширилаётган халқаро рақамли трансформация лойиҳалари, электрон ҳукумат, маълумотлар бошқаруви ва инновацион экотизимларни ривожлантириш бўйича тажрибалар билан ўртоқлашдилар.
Музокаралар давомида сунъий интеллектни давлат хизматларига жорий этиш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони мамлакатда амалга оширилаётган сунъий интеллект стратегияси фуқаролар манфаатларига хизмат қилиши, давлат хизматларини янада қулайлаштириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади.