Иқтисод

Ўзбекистон фермерлари Мисрда суғориш технологияларини ўрганди

Ўзбекистон фермерлари Мисрда суғориш технологияларини ўрганди
Ўзбекистон фермерлари Мисрда суғориш технологияларини ўрганди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов бошчилигидаги делегация Мисрнинг Elsewedy Watanya компаниясига ташриф буюрди. Делегация таркибидан қарийб 200 нафар фермер ва тадбиркор ўрин олди. Ташриф давомида замонавий суғориш технологиялари ва уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ўрганилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Elsewedy Watanya замонавий суғориш технологияларига ихтисослашган. Компаниянинг 240 минг квадрат метр майдондаги заводида ҳар йили «марказий пивот» туридаги 2 400 дан ортиқ суғориш тизими ишлаб чиқарилади.

Корхонада 500 нафардан зиёд муҳандис ва техник мутахассис фаолият юритади. Компания маълумотларига кўра, унинг технологиялари 190 минг гектар ерни ўзлаштиришга кўмаклашган.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари марказий пивот суғориш тизимлари, уларнинг ишлаш тамойиллари, сув ва энергияни тежаш имкониятлари, шунингдек, йирик қишлоқ хўжалиги майдонларида қўллаш самарадорлиги билан танишди.

Фермерларда Мисрнинг чўл ва янги ўзлаштирилаётган ерларни қишлоқ хўжалиги оборотига жалб қилиш тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида фермерлар ва тадбиркорлар Elsewedy Watanya мутахассислари билан технологияларни Ўзбекистон шароитида қўллаш, сервис хизматларини ташкил этиш, технологиялар трансфери ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.