Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон элчиси Сурия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди

Дилафруз Ниязова · 07.09.2026 · 11:40 · 31 views
Ўзбекистон элчиси Сурия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди
Ўзбекистон элчиси Сурия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди / Фото: “Дунё” АА.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Суриядаги элчиси (қароргоҳи Ал-Кувайтда) Аюбхон Юнусов мамлакат ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шайбонига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув давомида Сурия вазири Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратишини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги пайтларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар фаоллашгани қайд этилди, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Томонлар икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Хусусан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон­–Сурия ҳукуматлараро қўмитасини тузиш, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини шакллантириш ҳамда бошқа қўшма тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Асад аш-Шайбоний Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, Сурия томони ўтган йилларда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам ва кўмакни юксак қадрлаши қайд этилди.

Сурия томони икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришга тайёрлигини маълум қилар экан, Ўзбекистон томонидан ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда уларнинг амалга ошишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон–Сурия муносабатларини сиёсий мулоқот, олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик сингари йўналишларда ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бошқа соҳаларда янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.