Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон давлат органлари ва ташкилотлари жамоатчилик учун аҳамиятли бўлган 43 турдаги маълумотни Очиқ маълумотлар портали ва ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиши шарт.
Тегишли маълумотлар рўйхати қонунчиликда белгиланган.
Ушбу рўйхатга мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хорижий меҳмонларни қабул қилиш учун сарфланган харажатлари, хизмат транспорт воситалари ва уй-жойлардан, шунингдек, идоралар тасарруфидаги бошқа кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар киради.
Харид комиссиялари таркиби ва давлат харидлари, бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда ишга қабул қилиш учун зарур ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкор этилиши лозим.
Бундан ташқари, идоралар ҳудудлар кесимида ҳаж сафарига бориш навбати, давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланиш, шунингдек, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича аризалар навбати ҳақидаги маълумотларни эълон қилиши керак.
Ушбу маълумотларни ўз вақтида ва сифатли жойлаштириш учун жамоатчилик билан алоқалар ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўлинмалари масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиришини ҳамда белгиланган талабларга риоя этилишини мунтазам кузатиб боришини маълум қилди.
Коррупция ҳолатлари ҳақида фуқаролар 1253 телефон рақами орқали хабар беришлари мумкин.