Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган йигит йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) маълумотларига кўра, у енгил автомобилни юқори тезликда бошқарган ва бурилишда бошқарувни йўқотган.
ЙҲХХ хабар беришича, ҳодисадан олдин Қўқон шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимлари йигитни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомобиль бошқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ва қоидабузарликлари учун қонунда белгиланган чораларни кўрган. Бироқ кейинчалик у яна рулга ўтирган.
Йўл хизмати маълумотига кўра, авария Фурқат туманидаги кескин бурилишда содир бўлган. Автомобиль дастлаб огоҳлантирувчи устунга, кейин бетон таянч ва дарахтга урилган.
Автомобилда бўлган йўловчининг айтишича, машина тезлиги соатига 100 километрдан юқори бўлган. Унинг сўзларига кўра, бурилишда бошқа транспорт воситасини қувиб ўтиш вақтида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, бетон иншоотга урилган, шундан сўнг автомобиль устунга бориб тўқнашган. Зарба оқибатида йўловчи олд ойнадан бир неча метр узоқликка отилиб кетган.
Ҳушига келгач, у ҳайдовчида ҳаёт аломатлари йўқлигини аниқлаган.
Эълон қилинган видеоматериалда ЙҲХХ ходимлари автомобиль рақамини яшириш имконини берувчи қурилма ўрнатилганига ҳам эътибор қаратди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчиларни тезлик меъёрига риоя қилишга, тунги пойгалар уюштирмасликка ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситасини бошқармасликка чақирди.
Ота-оналарга фарзандларининг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ва уларнинг зарур ҳужжатларсиз автомобиль бошқаришига йўл қўймаслик тавсия этилди.