Ўзбекистон CAREC билан Марказий Осиё учун ягона туризм маконини муҳокама қилди
Ўзбекистон CAREC билан Марказий Осиё учун ягона туризм маконини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов жорий йилнинг 11 май куни «CAREC» дастурининг Марказий Осиёда грантлар ажратиш, трансчегаравий туризм ва минтақавий интеграция масалалари бўйича масъул раҳбари Зулфия Каримова билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси муҳокама қилинди.
Томонлар учинчи давлатлардан келувчи сайёҳлар учун ягона виза тизимини жорий этиш, қўшма турларни ташкил қилиш ва чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар давомида Ўзбекистондаги чегара назорат-ўтказиш пунктларида гуруҳли туристлар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, Марказий Осиё давлатларининг халқаро кўргазмаларда ягона павилон билан иштирокини таъминлаш ҳамда АҚШ, Австралия ва Лотин Америкаси давлатлари билан туризм соҳасидаги алоқаларни кучайтириш мақсадида авиақатновлар сонини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, «CAREC» дастури томонидан йўлга қўйилган “Silk Road” туризм портали орқали Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш имкониятлари қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар чегара инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан Фарғона ва Тошкент вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктларини кенгайтириш бўйича пилот лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Самарқанддаги “Ипак йўли” тематик офиси билан ҳамкорликни кучайтириш, кадрлар тайёрлаш ва рақамлаштириш бўйича қўшма дастурларни ташкил этиш, ҳамда Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган «FITUR» халқаро кўргазмасида Марказий Осиё давлатларининг ягона туристик ҳудуд сифатида иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.