Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон аёллар U23 терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлди

UzDaily таҳририяти · 15.07.2026 · 18:10 · 33 views
Ўзбекистон аёллар U23 терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлди

Ўзбекистон аёллар U23 терма жамоаси бокс бўйича Осиё чемпионатида ғолиб бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жакарта шаҳрида ўтаётган бокс бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Финал жанглари якунларига кўра, ўзбекистонлик боксчилар тўққизта медални қўлга киритди. Улар олтита олтин, битта кумуш ва иккита бронза медалига сазовор бўлди. Бу натижа Ўзбекистон терма жамоасига умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаш имконини берди. Иккинчи ўринни Қозоғистон терма жамоаси, учинчи ўринни эса Ҳиндистон терма жамоаси эгаллади.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Гулсевар Ғаниева (51 кг гача) финалда Қозоғистон вакили Анита Адишевани 4:1 ҳисобида мағлуб этиб олтин медални қўлга киритди. Ҳуморабону Мамажонова (57 кг гача) Қозоғистонлик Улжан Сарсенбекни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Муштарийбону Иброҳимжонова (60 кг гача) Ҳиндистон вакили Никита Чандни 5:0 ҳисобида енгди. Севинч Хуррамова (65 кг гача) ҳиндистонлик Кажални 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Рухшона Парпиева (80 кг гача) Қозоғистонлик Куралай Егинбайқизини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, Собирахон Шаҳобиддинова (80 кгдан юқори) финалда Ҳиндистон вакили Приянкани 4:1 ҳисобида енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Кумуш медални Райҳона Қурбонбоева (70 кг гача) қўлга киритди. У ҳал қилувчи баҳсда Қозоғистон вакили Азиза Иссинага 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Яна икки нафар Ўзбекистон вакили мусобақанинг бронза медали соҳиби бўлиб, жамоанинг умумий медаллар ҳисобига ҳисса қўшди.

Шу тариқа, U19 қизлар терма жамоасининг ғалабасидан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси U23 ёш тоифасида ҳам умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлди.

Жакартада ўтаётган Осиё чемпионатида навбатда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги финал жанглари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси вакиллари медаллар учун курашни давом эттиради.