Ўзбекистон 10 минг долларгача нақд пулни декларациясиз олиб чиқишга рухсат беради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармонни имзолади. Унга кўра, жисмоний шахслар томонидан республикадан нақд хорижий валютани декларациясиз олиб чиқиш меъёри АҚШнинг 10 минг долларига эквивалент миқдорда белгиланади. Бу 2026 йил 27 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмуриятчилигига замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-174-сон фармонида қайд этилган.
Фармон иловасига кўра, мазкур меъёр 2027 йил декабрь ойига қадар амалга оширилиши керак. Унинг ижроси учун Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Адлия вазирлиги масъул этиб белгиланган.
Бундан ташқари, фармонга кўра, 2027 йил декабрь ойига қадар Ўзбекистон фуқароларига хорижда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситаларини божхона тўловларини тўлашни таъминлаш шарти билан нотижорат мақсадларда мамлакатга вақтинча олиб кириш имконияти берилади. Ушбу чорани амалга ошириш Давлат божхона қўмитаси ва Адлия вазирлиги зиммасига юкланган.
Мазкур ўзгаришлар шу фармон билан 2026–2030 йилларга тасдиқланган «Янги Ўзбекистон божхонаси — 2030» стратегияси доирасида, хусусан, жисмоний ва юридик шахслар учун божхона жараёнларида қулай шарт-шароитлар яратиш йўналишида қабул қилинмоқда.