Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Олмаотада Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари учрашди

Беҳзод Ҳожиматов · 31.01.2025 · 20:20 · 385 views
Олмаотада Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари учрашди
Олмаотада Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Олмаотага ташрифи доирасида бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси Раҳбари Адилбек Касималиев билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва яхши қўшничиликка асосланган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Давлатларимиз Раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки мамлакат ҳукуматлари зиммасига ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Учрашувда мазкур вазифаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилиш алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни изчил рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.