Ўзбекистонлик дзюдочилар ЖЧда учинчи ўринни эгаллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси Эквадорда ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг индивидуал баҳслари якунларига кўра олтита медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Индивидуал дастурнинг сўнгги куни Жўрабек Эшпулатов 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида финалга чиқиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Дзюдо федерацияси хабар берди.
Ўзбекистонлик дзюдочилар ҳисобига битта олтин, битта кумуш ва тўртта бронза медали ёзилди.
40 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ирода Сирожиддинова олтин медални қўлга киритди.
90 килограммгача бўлган вазн тоифасида Жўрабек Эшпулатов кумуш медаль соҳиби бўлди.
Бронза медалларини 55 килограммгача бўлган вазн тоифасида Бобур Юсупов, 73 килограммгача бўлган вазн тоифасида Беҳрузбек Усмонов, 44 килограммгача бўлган вазн тоифасида Алина Колючева ҳамда 48 килограммгача бўлган вазн тоифасида Чарос Ҳикматова қўлга киритди.
Эквадордаги жаҳон чемпионатининг индивидуал мусобақалари якунланганидан сўнг микст форматидаги жамоавий дастур ўтказилади. Мусобақалар бугун бўлиб ўтади.