Ўзбекистонда улушли қурилиш учун янги қоидалар таклиф қилинди
Ўзбекистонда улушли қурилиш учун янги қоидалар таклиф қилинди / Сурат: Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайди. Кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолининг энг муҳим талаби қондирилмоқда. Айниқса, мазкур жараёнда қурилиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, айрим қурилиш объектлари белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаётгани, кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинмагани сабабли баъзан фуқаролар уй-жой сотиб олиш жараёнида муаммоларга дуч келмоқда.
Қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар аниқ белгиланмоқда.
Хусусан, кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларининг улуш киритиш асосида қурилишига жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишга оид муҳим қоидалар назарда тутилмоқда.
Фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиниши механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, фуқароларнинг пул маблағлари тўғридан тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейин маблағлар қурувчига ўтказилади.
Шунингдек, қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.
Қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар талаб белгиланган муддатда бажарилмаса, фуқаро судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган таъсирчан механизмлар назарда тутилмоқда. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда. Бу эса қурилишнинг тўхтаб қолишини олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Лойиҳага кўра, улушли қурилишга оид маълумотларнинг Ягона ахборот тизимида жойлаштирилиши таъминланади. Бу фуқароларга қурувчи, қурилиш объекти ва лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақидаги муҳим маълумотлар билан очиқ танишиш имконини таъминлайди.
Шу билан бирга превентив чораларни кучайтириш мақсадида кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектини улушли иштирок этиш асосида қуришда иштирок этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш учун жавобгарлик чоралари кўзда тутилмоқда.
Белгиланган нормалар фуқароларнинг уй-жой қурилишига киритган маблағларини ишончли ҳуқуқий ва молиявий механизмлар орқали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан аниқлаштирувчи саволлар беришди. Лойиҳани янада такомиллаштириш ва мукаммал тарзда маромига етказиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.