Шошилинч
Ўзбекистон

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларининг хизмат кўрсатишга тайёрлиги баҳоланди

Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларининг хизмат кўрсатишга тайёрлиги баҳоланди
Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларининг хизмат кўрсатишга тайёрлиги баҳоланди / Фото: Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва UNICEF халқаро SARA методологияси асосида тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ҳамда тиббиёт муассасаларининг ушбу хизматларни кўрсатишга тайёрлик даражаси баҳолангани натижаларини тақдим этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Service Availability and Readiness Assessment (SARA) тадқиқоти тиббиёт муассасаларининг аҳолига зарур тиббий хизматларни кўрсатиш имкониятларини аниқлашга қаратилган.

Ушбу методология Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ишлаб чиқилган. У тиббиёт муассасаларининг инфратузилмаси, шунингдек, тиббий асбоб-ускуналар, дори воситалари, диагностика воситалари ва бошқа зарур ресурслар билан таъминланганлик даражасини баҳолаш имконини беради.

Тадқиқот натижаларини тақдим этишга бағишланган тадбирда Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, UNICEF, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, VISION жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Иштирокчилар мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни қайд этди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам устувор вазифалар қаторида тилга олинди.

Муҳокамалар давомида оилавий шифокорларни қўллаб-қувватлаш ва тиббиёт муассасаларини зарур кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соҳани рақамлаштириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Иштирокчилар миллий баҳолаш натижаларини атрофлича муҳокама қилиб, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаб олди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, SARA натижалари мавжуд муаммо ва эҳтиёжларни аниқлаш, инвестициялар учун устувор йўналишларни белгилаш ҳамда тиббий инфратузилмани ривожлантириш бўйича асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.