Ўзбекистон

Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишни соддалаштириш таклиф қилинди

Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишни соддалаштириш таклиф қилинди
Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишни соддалаштириш таклиф қилинди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни тасдиқлаш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда. Ҳужжат маъмурий судларга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд орқали ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, судларнинг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутади.

Асосий таклифлардан бири аризаларни топшириш тартибига тааллуқли. Қонун лойиҳасига кўра, судлар мурожаатларни расмий камчиликлар сабабли қайтармаслиги, аксинча, аризачиларга камчиликларни бартараф этиш ва талабларни тўғри ифодалашда ёрдам бериши керак бўлади. Агар ариза адашиб бошқа ҳудудий даражадаги судга юборилса, уни аризачига қайтармасдан, ваколатли судга ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу механизм «ягона дарча» тамойили асосида ишлаши керак.

Қонун лойиҳасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳақлиги презумпциясини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Давлат органлари ўз қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, қўлланилган жарималар ва бошқа чораларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини мустақил равишда исботлаши лозим бўлади. Ишни кўриб чиқишда судлар қарорнинг фақат қонунчилик талабларига расман мувофиқлигини эмас, балки танланган чора қонунда белгиланган мақсадларга мос келиш-келмаслигини ва ушбу мақсадларга эришиш учун етарлилигини ҳам баҳолаши мумкин.

Бузилган ҳуқуқларни тезкор тиклаш мақсадида даъволарнинг тўрт турини жорий этиш ва уларни бериш муддатларини белгилаш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, маъмурий орган қарори бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқларига дахл қилса, 20 нафар ва ундан ортиқ киши жамоавий даъво билан мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Савдо-саноат палатасига тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб, ҳатто биринчи инстанция судида ишни кўриб чиқишда иштирок этмаган бўлса ҳам, суд қарорлари устидан юқори инстанцияга бевосита шикоят қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Алоҳида қоидалар коррупцияга қарши курашиш ва суд қарорларини ижро этиш масалаларига бағишланган. Агар суд мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларида коррупция аломатларини аниқласа, тегишли материалларни ваколатли органларга юбориши шарт бўлади. Мансабдор шахсга жарима қўлланилганидан кейин ҳам суд қарори такроран ижро этилмаса, суд жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорни хабардор қилиши мумкин.

Шунингдек, маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш ва фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имконини бериш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасига мувофиқ, бундай шикоятлар вилоят даражасидаги судларда судьялар ҳайъати томонидан прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

Депутатларнинг баҳолашича, таклиф этилаётган ўзгартишлар бюрократия ва сансалорликни қисқартириш, суд орқали ҳимоя самарадорлигини ошириш ҳамда давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда назарда тутилган нормалар кучга кириши учун ҳужжат қонунчилик жараёнининг кейинги босқичларидан ўтиши лозим.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.