Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда иситиш мавсумида бир марталик моддий ёрдам тўлаш учун эҳтиёжманд 969,3 минг оила рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Рўйхатга Ижтимоий реестрга киритилган 567,9 минг оила, шунингдек, маҳалланинг еттилиги томонидан қўшимча аниқланган 375,6 минг оила киритилган. Кейинги тоифага марказлашган иситиш тизимига уланган 113 минг хонадон ва штаблар қарорлари асосида рўйхатга киритилган 19,5 минг оила ҳам киради.
Бундан ташқари, парваришга муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи 20,3 минг нафар фуқаро, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Рўйхатдан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланаётган 5,5 минг оила ҳам ўрин олган.
Тўловлар икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда 893,4 минг оилага жами 893,4 млрд сўм моддий ёрдам берилди.
Иккинчи босқичда банк карталари ҳали мавжуд бўлмаган 75,9 минг оилага тўловлар амалга оширилиши белгиланган. Улар учун банк карталари расмийлаштирилмоқда ва ушбу карталарга жами 75,9 млрд сўм ўтказиш режалаштирилган.
Агентлик маълумотларига кўра, банк карталарини олган оилаларга маблағларни ўтказиш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.