Ўзбекистонда АҚШ ва Жанубий Кореяга ноқонуний жўнатишга уринишлар фош этилди
Ўзбекистонда АҚШ ва Жанубий Кореяга ноқонуний жўнатишга уринишлар фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари фуқароларни Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний олиб чиқишни ташкил этиш билан боғлиқ фирибгарликда гумонланаётган шахслар фаолиятига чек қўйди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ маълумотларига кўра, биринчи ҳолатда Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар шахс фуқароларнинг ишончига кириб, ўз танишлари орқали уларга G-1 тоифасидаги визаларни расмийлаштириш, Жанубий Кореяда ишга жойлаштириш ҳамда кейинчалик ушбу мамлакатда доимий яшаш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилган.
Гумонланувчилар ўз хизматлари учун 55 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар 25 минг АҚШ доллари миқдоридаги олдиндан тўловни олаётган вақтда қўлга олинган.
Иккинчи ҳолатда эса Наманган вилояти Косонсой туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс фуқаролардан бирига уни АҚШга ноқонуний тарзда олиб ўтишни ташкил этишни таклиф қилган.
ДХХ маълум қилишича, гумонланувчи ўз хизматларини 50 минг АҚШ долларига баҳолаб, Ўзбекистон, Туркия, Испания ва Мексика орқали йўналиш ташкил этишни ваъда қилган. У олдиндан келишилган маблағнинг 20 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.