Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш ҳамда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар таклиф этилди. Тегишли қоидалар қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаш ёки унинг жинсий эҳтиёжини зўравонлик йўли билан ғайритабиий шаклда қондириш учун узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди. Шунингдек, суднинг айблов ҳукмини ижро этиш муддати ўтиб кетгани сабабли жазодан озод қилишни истисно этиш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжатнинг айрим қоидалари зўравонликдан жабрланган вояга етмаганлар билан процессуал ҳаракатларни ўтказиш тартибини ўзгартиришга қаратилган. Хусусан, уларнинг сўроқларини видеоязув орқали қайд этиш таклиф этилмоқда.
Жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар бўйича жабрланувчи деб топилган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштирувларни махсус тартибда ўтказиш таклиф этилмоқда.
Агар зўравонлик боланинг яқин қариндошлари ёки яқин шахслари томонидан содир этилган бўлса, қонун лойиҳасида жиноят иши бўйича судга қадар иш юритиш босқичларида, шунингдек, суд муҳокамаси вақтида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг мажбурий иштирокини таъминлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжат билан зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.