Ўзбекистон ва Хитой энергетика, сунъий интеллект ва инфратузилма соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмита доирасида инвестициялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар сармоявий соҳада эришилган натижаларни сарҳисоб қилдилар: 2024 йилда икки давлат ўртасида ўзлаштирилган сармояларнинг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошди, бу 2023 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпдир.
Учрашувнинг асосий мавзулари:
- сармоявий ва молиявий ҳамкорликни, жумладан, миллий валютадаги кредитлардан фойдаланишни кучайтириш;
- Хитой корхоналари иштирокида иқтисодий ва саноат зоналарини ривожлантириш;
- «янги» инфратузилма, энергетика ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;
- Транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш.
Ўзбекистон ҳудудларида янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш истиқболлари ва инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида икки давлат ишбилармон доиралари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари сармоя киритишнинг устувор йўналишларини тақдим этди. Хитой компаниялари ўз салоҳиятини намойиш этиб, Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув иштирокчилари сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттириш ниятларини тасдиқладилар ва Ишчи гуруҳнинг навбатдаги, бешинчи йиғилишини 2026 йилда Пекинда ўтказишга келишиб олдилар.