Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Хитой экология ва иқлим тадқиқотлари соҳасида илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 30.06.2026 · 16:00 · 23 views
Ўзбекистон ва Хитой экология ва иқлим тадқиқотлари соҳасида илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Хитой экология ва иқлим тадқиқотлари соҳасида илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Хитойнинг Урумчи шаҳридаги Шинжон экология ва география институтида бўлиб ўтган Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё мамлакатлари давлат илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарларининг мулоқот механизми биринчи йиғилишида иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Хитой фанлар академияси вице-президенти ҲE Ҳонгпинг ва Шинжон экология ва география институти бош директори Чжан Юанмин сўзга чиқди. Улар янги механизмнинг ишга туширилиши 2025 йил июнь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги иккинчи саммит якунлари бўйича давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларнинг амалий самараси бўлганини таъкидладилар.

Мулоқотнинг асосий мақсади минтақа мамлакатлари ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш, тадқиқот натижалари ва ерни сунъий йўлдош орқали масофадан зондлаш маълумотлари билан алмашиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерлар деградацияси, чўлланиш ва тупроқ шўрланишига қарши курашиш масалалари бўйича биргаликда ишлашдан иборат. Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига хизмат қилувчи ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш давомида Хитой томони Ўзбекистонда олиб борилаётган экологик сиёсатни юқори баҳолади ва «яшил» ривожланиш тамойилларини фаол илгари сураётгани учун миннатдорлик билдирди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг “Зумрад сувлар ва яшил тоғлар — бебаҳо бойликдир” ташаббуси Ўзбекистонда тобора кенг тушунилиб, қўллаб-қувватланаётгани, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида изчил кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳамда иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Шинжон экология ва география институти кўмагида “Греэн Университй” базасида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказининг очилиши муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Ушбу марказнинг ташкил этилиши икки мамлакат ўртасидаги илмий шерикликни мустаҳкамлашда навбатдаги қадам бўлди ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий экологик ташаббусларни илгари суриш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда долзарб экологик ва иқлимий муаммоларни ҳал этиш учун замонавий илмий платформани шакллантиришдаги етакчи ўрни эътироф этилганидан далолат беради.