Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзгидромет тўққиз ҳудудда сел хавфи ҳақида огоҳлантирди

UzDaily · 23.06.2026 · 11:30 · 24 views
Ўзгидромет тўққиз ҳудудда сел хавфи ҳақида огоҳлантирди

Ўзгидромет тўққиз ҳудудда сел хавфи ҳақида огоҳлантирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази — Ўзгидромет республика ҳудудида сел ва тошқин ҳодисалари юзага келиш эҳтимоли юқори экани ҳақида шошилинч огоҳлантириш тарқатди.

Синоптиклар маълумотига кўра, 2026 йилнинг 23–27 июнь кунлари мамлакатнинг қатор ҳудудларида кучли ёғингарчилик кузатилиши кутилмоқда. Бу эса ёмғир сувларининг тўпланишига, айрим жойларда сув босиши ҳолатларига ҳамда тоғли ва тоғ олди ҳудудларида сел оқимлари юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Табиий хавф мамлакатнинг тўққиз вилоятида прогноз қилинмоқда. Қашқадарё вилоятида Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманлари хавф ҳудудига киритилган. Сурхондарё вилоятида эса Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музработ туманларида сел хавфи сақланиб қолмоқда.

Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманларида ҳам сел хавфи эълон қилинган. Навоий вилоятида эса Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманлари хавфли ҳудудлар қаторига киритилган.

Шунга ўхшаш огоҳлантириш Жиззах вилоятининг Заомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманлари учун ҳам амал қилмоқда. Тошкент вилоятида эса Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пскент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари, шунингдек Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида сел ва тошқин хавфи мавжуд.

Фарғона водийсида Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари хавф остида қолиши мумкин. Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари ҳам хавфли ҳудудлар сифатида қайд этилган. Андижон вилоятида эса Андижон, Асака, Жалолқудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида сел хавфи прогноз қилинмоқда.

Хавф даражаси юқори бўлгани сабабли фавқулодда хизматлар тоғли ва тоғ олди ҳудудларида яшовчи аҳоли, сайёҳлар, дам олувчилар ҳамда тоғ йўллари орқали сафар қилишни режалаштираётган ҳайдовчиларни эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга ва расмий ахборот хабарларини мунтазам кузатиб боришга чақирди.

UzDaily · 👁 24 views · 23.06.2026 · 11:30