7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: BMB HOLDING.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — BMB HOLDING ва Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда BMB HOLDING хабар берди.

BMB HOLDING таъсисчилари кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Саад Носир Абдулла Абу Ҳаймед билан учрашуви 25 ноябрь куни бўлиб ўтди.

Музокаралар аввалида элчига холдинг фаолияти, унинг таркибига кирувчи корхоналар, бизнеснинг асосий йўналишлари ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, экспортни кенгайтириш, агрологистикани, шунингдек, меҳмонхона ва ресторан бизнесини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли инвестиция ташаббусларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири замонавий технологиялар ёрдамида чуқур қайта ишланган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Саудия Арабистони бозорига экспорт қилиш бўлди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, икки мамлакатда қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Истиқболли йўналишлар қаторида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва логистика қайд этилди.

Томонларнинг баҳолашича, бундай ташаббуслар Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг ишлаб чиқариш, технологик ва инвестиция имкониятларини бирлаштиришга, шунингдек, ишбилармонлик ҳамкорлигининг янги йўналишларини очишга хизмат қилиши мумкин.

Конструктив руҳда ўтган музокаралар якунида томонлар иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, муҳокама қилинган ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Саудия Арабистони элчиси муҳокама қилинган масалаларни янада кўриб чиқиш мақсадида BMB HOLDING раҳбариятини ишчи ташриф билан Қиролликка таклиф қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.