Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда «Ўзбекэкспертиза» АЖ вакиллари Тошкентда Жаҳон банки миссияси билан учрашди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.
Учрашув 24 ноябрь куни Жаҳон банкининг Тошкентдаги офисида бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар SABIIT лойиҳаси доирасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар марказида кичик ва ўрта бизнеснинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий етказиб берувчиларни ривожлантириш, шунингдек, сертификатлаш ва лаборатория синовлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўлди.
Агентлик ва «Ўзбекэкспертиза» АЖ вакиллари ўз фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда уларнинг маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки мутахассислари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, иштирокчилар белгиланган йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.