Ўзбекистон ва Саудия Арабистони маҳаллийлаштириш ва давлат харидлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги энергетика вазири ўринбосари Фуад Моса ҳамда Маҳаллий таркиб ва давлат харидлари агентлиги вице-президенти Муҳаммад ал-Қаҳтаний бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда саноат тармоқлари учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, саноат кооперациясини тизимли равишда кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини ошириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш бўйича тажриба алмашилди.
Саудия Арабистони тажрибаси асосида Ўзбекистонда “маҳаллий контент” тизимини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Шу мақсадда республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда мазкур соҳалардаги мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилиб, келгусида ҳамкорлик қилиш учун зарур стратегияларни ишлаб чиқадиган ишчи гуруҳлар тузилди.