Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар божхона ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар божхона ҳамкорлигини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Қўшма Штатларга ишчи ташриф билан бўлиб, у ерда халқаро божхона ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор музокаралар ўтказмоқда.
Ташриф доирасида АҚШ Давлат департаменти, Халқаро наркотиклар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари буроси (INL), Экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги (EXBS) дастури ҳамда АҚШ Энергетика вазирлиги Миллий ядровий хавфсизлик маъмурияти раҳбарияти билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувларда хавфларни таҳлил қилиш, наркотик ва контрабандага қарши курашиш, радиация хавфсизлигини таъминлаш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларни аниқлаш, тезкор маълумот алмашинувини кучайтириш ҳамда божхона постларини замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ўзаро ҳамкорлик доирасида сўнгги йилларда юзлаб божхона ходимларининг малакаси оширилиб, чегара постларига замонавий инспекцион-кўрик ва радиация назорати ускуналари ўрнатилди. Бу эса гиёҳвандлик воситалари ва хавфли юкларни аниқлаш самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.
Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.